Непалда яна кучли зилзила рўй берди

Сурат манбаси, Kashish Das Shreshtha
АҚШ Геология хизмати хабар беришича, Непалда юз берган янги зилзиланинг кучи 7,3 балга тенг бўлган.
Сейсмологларнинг маълумотларига биноан, зилзила маркази мамлакат ғарбидаги Намча Бозор туманидан 68 км масофада, Хитой чегараси ва Эверест тоғи яқинидадир.
Мутахассислар ер ости силкинишлари ўчоғи 18,5 км чуқурликда жойлашганини айтганлар.
Гувоҳларга кўра, зилзила кучи қўшни Ҳиндистон пойтахти Деҳлида ва Бангладеш ҳудудида ҳам сезилган.
Хабарларга кўра, 42 киши ҳаётдан кўз юмган, мингдан ортиқ яраланганлар бор. Расмийлар қутқарув- қидирув ишлари давом этаётгани боис, қурбонлар сони ошиши мумкинлигини билдирганлар.
Непал пойтахти Катманду апрел ойи охирида ҳам қаттиқ ер силкинишлари боис вайронагарчиликларни бошдан кечирганди.

Сурат манбаси, EPA
Маҳаллий вақт билан 12.35 да зилзила бошланганда, кўплаб одамлар дарҳол кўчаларга югуриб чиқишган.
Би-би-си мухбирига кўра, силкинишлар анча пайт сезилиб турган.
БМТнинг инсонпарварлик масалалари бўйича бошқармаси пойтахт Катмандуда қатор турар жой бинолари қулаб тушганини хабар қилади.

Сурат манбаси, AFP
Муҳожирлик бўйича халқаро ташкилот Чаутара шаҳрида қулаб тушган бинолар остида одамлар борлигини билдирган.
Қутқарувчилар вайроналар остидан бир неча жасадларни топганлар. Чаутарада шунингдек, бир неча ер кўчиши ҳам содир бўлган.
25 апрелда Непалда юз берган 7,9 баллик зилзила оқибатида қурбонлар сони 8,4 мингга етган. 17 мингдан ортиқ инсон турли даражада жароҳатланган.
Мутахассислар ўшанда ҳудудда ер силкинишлари қайталаниши эҳтимолидан огоҳлантирганлар.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio































