Индонезиядаги учоқ ҳалокати: 100 дан ортиқ қурбон

Published

Индонезиянинг Медан шаҳридаги аҳоли яшайдиган ҳудудга ҳарбий транспорт учоғи қулаши оқибатида 100дан ошиқ одам ҳалок бўлгани ишонилади.

Геркулес С-130 учоғи икки уй ва меҳмонхона устига қулаб, йирик ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлган.

Ҳаво кучлари раҳбари Агус Суприатна ҳодиса жойини бориб кўриб, журналистларга учоқ бортида бўлган 113 одамдан ҳеч ким омон қолмаганини айтди.

Элликдан ошиқ жасадлар касалхонага олиб кетилган, қолганлари эса ҳали қолдиқлар остидан қидирилмоқда.

Би-би-сининг Жакартадаги мухбири Алис Будисатрихонинг айтишича, учоқдан фақат думи қолган, қолган қисмлари эса парча-парча бўлган.

Унга кўра, ҳодиса жойидаги уйларда одамлар қамалиб қолишган.

Ҳозирча ҳалокатга нима сабаб бўлгани ва қанча одам ўлгани борасида маълумот йўқ.

Учоқ ҳавога кўтарилишидан кўп ўтмай ерга қулаган.

Гувоҳлар унинг бир неча бор ўтгани ва жуда паст учганини айтишмоқда.

“У ёнаётганди ва қора тутун чиқараётганди. Учинчи марта қайтганида, меҳмонхонанинг томига қулади ва портлаб кетди”, - деди бир гувоҳ.

Жаноб Суприатнанинг айтишича, учувчи техник муаммолар туфайли қўниш майдонига қайтишга рухсат сўраган.

“Учоқ аэропортга қайтиш учун ўнгга қайрилганида қулаган”, - деди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio