Юнон бош вазири: "Оврўпо бўлиниб кетишига йўл қўймайлик!"

Сурат манбаси, Reuters
Қарзларга ботган Юнонистоннинг евро ҳудудида қолиши борасида шубҳалар кучайиб борар экан, юнон бош вазири Алексис Ципрас Оврўпо Иттифоқи бўлиниб кетишининг бартараф этилишига чақирди.
Оврўпо парламентида ўтган эҳтиросларга тўла дебатда у: "Оврўпо бўлиниб кетишига йўл қўймайлик!" - деди.
Якшанба кунига мўлжалланган Оврўпо Иттифоқининг саммити бошланишидан аввал Юнонистон ўзининг янги таклифларини кредиторларга пайшанбагача топшириши керак.
Жаноб Ципрас бу таклифлар устида иш олиб борилаётганини айтди, аммо тафсилотларини бермади.
Юнон бош вазири "Юнонистон ва евроҳудуд манфаатлари учун" ўз мамлакати келгуси бир неча кун ичида ўзига қўйилган мажбуриятларни бажаришига ишонишини айтди.
У парламентга кириб келар экан, баъзилар уни қоралаб қичқирса, бошқалар қарсак чалишди.
Ўз нутқида Ципрас жаноблари собиқ қутқарув ёрдамларини қоралади ва улар Юнонистонни "бюджет харажатларини кесиш лабораторияси"га айлантириб қўйганини айтди.
"Бу тажриба муваффақиятли бўлмаганини барчамиз тан олишимиз керак", - деди у Страсбургдаги парламентда чиқиш қила туриб.
Ципрас жаноблари чиқишидан бир неча кун аввал Юнонистон халқи референдумда овоз бериб, кредиторларнинг охирги таклифларини рад қилишди.
"Юнон халқи тик туриб, ўз дардини айтди. Биз уларга қулоқ солишимиз керак," - деди Ципрас.
Брюсселда Юнонистон олдига ултиматум қўйилган: Юнонистон якшанба куни кредиторлар билан келишувга эришади ёки душанба куни касодга учрайди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio






























