Литвиненко оиласи адвокати: "Қотилликни Путин буюрган"

Published

Россиянинг собиқ хавфсизлик агенти Александр Литвиненко ўлими бўйича ўтаётган тергов ишида унинг оиласи адвокати қотилликни шахсан Президент Владимир Путин буюрганини даъво қилди.

Литвиненко 2006 йилда Лондонда яшаётганида ўзининг икки россиялик собиқ ҳамкасби билан учрашган. Икки кун ўтиб оғир касалланиши ортидан, унинг полоний билан захарлангани аниқланган.

Адвокат Бен Эммерсоннинг айтишича, Россия ҳукуматининг бу қотилликдаги масъулияти "ишончли тарзда исботланди".

Эммерсонга кўра, Кремль Литвиненконинг ўлимиши истаган ва бунинг учун зарур захираларни ажратган.

Шунингдек, адвокат илмий экспертиза собиқ агентни Дмитрий Ковтун ва Андрей Луговой ўлдирганларини исботлаганини айтди.

Жаноб Эммерсонга кўра, Путин борган сари "яккаланиб қолаётган митти золим ва руҳий жиҳатдан беқарор ҳукмрон"га айланиб боряпти.

Унинг айтишича, Россия президенти ва унинг атрофидагилар "уюшган жиноятга бевосита аралашганлар" ва "уларнинг йўлида турган ҳар қандай одамни ўлдиришга тайёрлар".

"Агар Россия ҳукумати айбдор бўлса, демак Путин айбдор. Яъни, у ўз қўли остидагилар учун масъул демоқчи эмасман, балки унинг ўзи уни ва унинг бандитларини фош қилган душманини йўқ қилишга шахсан буйруқ берган демоқчиман", - деди у.

Марҳумнинг беваси Марина Литвиненко "қотиллар ва уларнинг хўжайинлари фош қилинди", деб айтди. Унинг айтишича, унинг эри ФСБ (Россия федерал хавфсизлик хизмати) ва юқори лавозимлардаги коррупцияни фош қилмоқчи бўлган.

"Унинг амаллари сотқинлик деб кўрилди, ва у бунинг учун даҳшатли йўлда ҳисоблашди", - деди у.

Литвиненконинг аёли ва ўғли қотиллик ортидан Путин турганига ишонадилар
Сурат тагсўзи, Литвиненконинг аёли ва ўғли қотиллик ортидан Путин турганига ишонадилар

"Терговда тақдим қилинган далиллар билан танишган ҳар қандай ақли расо одам тушунадики, менинг эримни Россия давлат агентлари Лондон кўчаларида ядровий террорчилик воситасида ўлдирганлар. Бу Путиннинг хабарисиз қилинмаган бўларди", - деди Литвиненко хоним.

Айни дамда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Би-би-сига гапира туриб, Лондон Олий судида ўтаётган терговни Кремль ишончли дея кўрмаслигини айтди.

Песков, шунингдек, Литвиненко иши Буюк Британиянинг ички иши экани ва Россия кун тартибидан жой олмаганини айтди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Литвиненко иши остида сиёсий сабаблар ётганига ишонишини билдирди.

Терговга раислик қилаётган ҳакам Роберт Оуэн йил охирида мазкур иш бўйича Британия ички ишлар вазирлигига ўз ҳисоботини топшириши кутилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio