Туркияда коалицион ҳукумат барпо этиб бўлмади

Сурат манбаси, Reuters
Туркия Бош вазири Аҳмад Довутўғли сўзларига кўра, Миллатчи Ҳаракат партияси (МҲП) билан коалиция тузиш йўлида ҳар хил шаклларини кўриб чиқавериб чарчаган.
Бош вазир музокаралар ҳеч қандай натижа бермаганидан кейин коалицион ҳукумат барпо этиш мандатини президентга топширишга қарор қилгани ҳақида айтган.
"Менинг ишончим комил, мен мухолиф партиялар билан коалиция тузиш бўйича ҳамма йўлларни кўриб чиқдим. Бугун биз тўртта вариантни муҳокама қилдик, лекин янги қадам қўйишга бирортаси танлангани йўқ. Мен президент билан учрашаман ва маслаҳатлашувлардан кейин агар зарур бўлса, мандатимни топшираман", деб айтган жаноб Довутўғли.
Бу вазият Туркияда яна парламент сайловларини ташкиллаштиришни тақозо этади.
Мухолифатдаги Жумҳуриятчи партия (ЖҲП) эса энди янги ҳукуматни шакллантириш мандати ўзига берилиши керак, демоқда.
Сиёсий мавҳумлик Туркиянинг ички ҳудудлари, қўшни Ироқ ва Сурияда зўравонликлар кўпайган пайтга тўғри келган.
Бош вазир Аҳмад Довутўғли етакчилигидаги "Адолат ва Тараққиёт" партияси (АКП) 12 йил давомида Туркия парламентида кўпчиликни ташкил қилиб келган, бироқ шу йил 7 июндаги парламент сайлови натижаларига кўра парламентдаги кўпчилик мавқеидан ажралди.
Бунга курдпараст ХДП кўп овозларни қўлга киритгани сабаб бўлди.
Ўтган ҳафта АКП ва Жумҳуриятчи партия ўртасидаги коалиция тузиш музокаралари самарасиз тугагани хабар қилинган.
7 июндаги парламент сайловида АКП парламентдаги қарийб 41 фоиз ёки жами ўринларнинг 258 тасини қўлга киритган эди.
АКП мухолифатдаги ЖҲП билан коалиция тузишга уринган, бироқ икки партия ташқи сиёсат ҳамда маориф масалаларида бир келишувга эришолмаганлар.
Мухбирларга кўра, ЖҲПнинг коалицион ҳукумат барпо этиш йўлида МҲП ва ХДП билан тил топишиши даргумон, бу эса янги парламент сайловлари эҳтимолини янада кучайтиради.
Сўнгги омма фикрини ўрганиш натижаларига кўра, мамлакатда АКП дастаги охирги ҳафталарда кучайган.
Бунга минтақада зўравонликлар ортгани туртки берган.
Туркия кучлари Суриядаги "Исломий Давлат" ва Ироқ шимолидаги Курд ПКК жангарилари жамлоқларини ҳаво ҳужумларига тутмоқда.
Узоқ йиллар давомида АКПга етакчилик қилган Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон ХДПни Курд исёнчиларининг сиёсий қанотига айланганликда айблаган.
Туркиянинг қўлга киритиши осон бўлмаган ПКК билан ўт очишни тўхтатиш келишуви ўтган ой барбод бўлган.
Бунга ИД худкуш ҳужумчисининг Туркиянинг Сурия чегарасидаги аҳолисининг аксарини курдлар ташкил қиладиган шаҳарда йиғилган 32 ёш фаолни ўлдиргани сабаб бўлган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio




























