Оврўпога кетар йўлда адашганлар...

Шимолий Оврўпога интилаётган қочқинлар ва муҳожирлар учун сафар хатарларга тўла. Оилалар бир-бирларини йўқотиб қўядилар... Қайта топишиш эса, қарийб имкон кўринади. Жон Суини Венгрияда йўқотган ўғлини излаётган аёлни учратган.
Юзида ғам-алам акс этган кекса аёл поезд ойнаси ёнидаги ўриндиқда ўтирарди.
Фахрия ўз ҳикоясини тўхтаб-тўхтаб, узиқ-юлуқ, чалкаш бир тарзда айтиб берди. Аммо, мен Фахрия тортган уқубатлар қанчалар эканини у Венгиянинг Австрия билан чегарасига етганда йиқилиб тушганига гувоҳ бўлган пайтимда англаб етдим. Ўшанда у ўлиб қолади, деб қўрққандим.
Бошидан сўзлаб берай.
Мен Венгрия орқали, одамларни Юнонистоннинг Кос оролидан Марказий Оврўпога элтадиган 2,100 чақиримлик йўлни босиб ўтаётгандим.
“Тўғрисини айтадиган бўлсам, мен йўлга чиққанимдан афсусдаман”, деди Фахрия. “Бундай бўлишини билсам эди, келмаган бўлардим”.
Фахрияни олтмиш ёшларда, дея тахмин қилдим. Оддий кийинган, бошига қора рўмол ташлаганди. Қўлида тугуни ҳам, ортиқча уст боши ҳам йўқ эди. У ўзини Кобанидан эканини айтди. Кобани - ўзини “Исломий Давлат” деб атаётган гуруҳ жангарилари ва Америка ҳаводан дастаклаётган курд жангчилари ўртасидаги қақшатқич жангларга саҳна бўлиб, вайронага айланган шаҳар.

Сурат манбаси, EPA
Бу ёз бутун оила шаҳардан бош олиб кетишга қарор қилади. Фахрия, ўғли Маҳмуд, укаси ва унинг оиласи Даниядаги қариндошларини қоралаб йўлга тушадилар. Йўл Венгрия орқали ўтганди. Кейин қулоқларига Венгрия расмийлари парспортларига муҳр қўйишию, бу билан фақат Олмонияга етиб бора олишлари мумкинлиги ҳақидаги ёлғон миш-миш чалинади.
Венгриянинг муҳри Данияга етиб олишларига тўсқинлик қилишидан қўрққан Фахрия ва унинг ҳамроҳлари йўлларини ярим тун ўрмонзорлар оралаб солишади. Улар олти соат яёв юрадилар.
“Бу шу қадар мушкул эдики, мен ҳолдан тойгандим”, дейди Фахрия. “Охирига келиб эса, бизни полиция тутиб олди. Ўзимга ўзим “ватанимда оч қолиш бу ерларга тентирагандан кўра яхшироқ эди”, дедим.
“Ёмғир қўяётганди. Кенжамнинг ўғли тинимсиз йиғларди. Биз полицияга бола касаллиги, шифокорга кўрсатишимиз кераклигини айтдик. Аммо, улар кутишимиз кераклиги, доктор ҳозир келиши ҳақида айтишди. Аммо, бола қўлимизда қарийб ўлаётганди”.
Фахрия ва унинг оиласини тиканли симлар билан ўралган жамлоққа олиб кетадилар. “Ўзимни қамоқдадек ҳис қилдим. Оврўпога шунча ғам-ғуссани тортиш учун келдимми?” Жамлоқда у касал бўлиб қолади. Муолижага олиб кетиларкан, у пули ва дориси бўлган сумкасини ўғлига беради.
“Мени шифохонага олиб кетишди. Ярим соатга дейишганди. Аммо, туни билан ушлаб туришди. Жамлоққа қайтганимда, болаларимни топа олмадим. Улар кетишганди. Излай-излай топа олмадим. Қандай қилиб, мен йўқлигимда уларни бошқа жойга жўнатишади?”
Фахрияни жамлоқдан Будапешт темирйўл станциясига олиб кетишади. У ёлғиз эди. “Мен биронта инглизча сўз билмайман. Бир тийин ҳам пулим йўқ”.
Ёлғиз қолгани ҳақида гапираркан, кўзларидан ёш оқарди: “Юрагим эзилиб кетди. Бу кўргуликлар ҳеч қачон хотирамдан кетмайди. Станцияда икки кунни йиғлаб ўтказдим. Болаларимни топишга уриндим, аммо натижа бўлмади. Кўзим тушган одамдан сўрардим. Ҳеч ким менинг сўзларимни таржима қилмади. Улар мени тушунишмади. Гап нимада бораётганини ҳам англашмади. Биргина биладиганим “оила, оила” деган сўз эди”, дея сўзлашда давом эттиради Фахрия.
Бир неча соат станцияда турдим. Венгрия полицияси минглаб одамларни чиптахонадан платформага ҳайдарди. Жараён инсонни ҳолдан тойдирар, инсонийликдан йироқ эди. Бундай вазиятда пулсиз, яқинларга боғлана олмаслик, жаҳаннам ичида жаҳаннамда қолишдек бўлса керак.
"Мен сўраб-суриштиравердим. Аммо, ҳамманинг ўз ташвиши, дунёси бор эди”, дейди Фахрия.
"Болаларимни изласам, биров ёрдам беради”, деб ўйлагандим. Аммо, бундай бўлмади. Одамлар менга ҳеч кимдек қарашарди. Ҳамманинг ўз дунёси бор эди. Ҳар гал мен қайта-қайта ўлаётгандек ҳис қилардим”.

Сурат манбаси, AP
Тасодиф билан у жияни Мустафо ва унинг оиласини учратиб қолади. Улар Фахрияни ўзлари билан олиб, Австрия йўл олишади.
Аммо, Фахрия ўғлини топиши керак эди. У менга бувимни эслатарди. Шунинг учун, ёрдам беришга қарор қилдим. “Биз ўғлингизни топишга ёрдам берамиз. Бу осон бўлмайди, аммо ваъдабераман, уни топамиз. Twitter, электрон почта, Facebookни ишга соламиз”, деб айтдим.
Кўп ўтмай поезд бекатга етиб келди. Биз ҳамон Венгрия ичкарисида эдик. Австрия чегарасигача 2 чақиримдан узоқроқ йўл қолганди. Ҳамма тушиб, юра бошлади. Фахрия ҳам улар орасида эди.
Фахрия Венгрия кесиш нуқтасига етганда йиқилиб тушди. Кўзлари орқага кетиб, кейин юмилди. Ранги даҳшатли тусда кўкариб кетаётганди. Охири биз унинг қандли диабети борлигини билдик.
Венгриядаги Қизил Хоч ташкилоти шифокорлари унга керакли дори беришгач, зўрға оёққа турди ва Австрияга қадам қўйди.
Мен Би-би-си Янгиликларининг Facebook саҳифасига видео жойладим. Уни 320,000 киши томоша қилди.
Айни пайтда Фахриянинг ўғли Маҳмуд Австриянинг “Умид поездлари” вебсаҳифаси орқали онасини излагани ҳақида эшитдик.
Венадаги станцияда Фахрия ва ўғли қайта топишдилар. Мен бу дақиқани ҳеч қачон унутмайман.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio































