Анқарадаги портлаш қурбонлари сони ортган

Сурат манбаси, AP
Туркия пойтахти Анқарада ташкил этилган тинчлик юриши пайти икки портлаш рўй берган.
Туркия тиббиёт расмийлари хабар қилишларича, 86 инсон ҳалок бўлган, 186 киши жароҳатланган.
Бундан олдин 30 киши нобуд бўлгани ҳақида хабар қилинган эди.
Интернет ижтимоий тармоқларида портлаш саҳнасидан олинган фотосуратлар тарқалган, уларда байроқ ва шиорлар остида ётган инсонлар жасадларини кўриш мумкин.

Сурат манбаси, SINAN ONUS
Портлашлар Анқаранинг асосий темир йўл вокзали яқинида маҳаллий вақт билан соат 10 ларда рўй берган.
Гувоҳларга кўра, икки портлаш бир-биридан 20 метр узоқликда, бир неча сониялар орасида рўй берган.
Бу пайтда одамлар тинчлик юришида қатнашиш учун тўпланаётган бўлганлар.
Ушбу юришдан кўзланган мақсад, Туркия хавфсизлик кучлари билан мамлакат жануби-шарқидаги Курд бўлгинчилари ўртасидаги зўравонликларни тўхтатиш талаби бўлган.

Сурат манбаси, SINAN ONUS
Қурбонлар орасида курдпараст Халқ Демократик партияси(HDP) дастакловчилари бор.
Турк расмийлари портлаш худкушлик ҳужуми бўлиши мумкинлигини айтганлар.
Ғазабланган оломон хавфсизлик кучлари ходимларига, полиция автомобилларига ҳужум қилган.
"Онадўли" давлат ахборот агентлиги хабар қилишича, Ички ишлар вазирлиги Бош вазир Аҳмад Довутўғлига портлашлар ҳақида ахборот берган.

Сурат манбаси, Reuters
Шу йил июн ойида HDP Диёрбакирда ташкил қилган юриш пайти ҳам портлаш рўй берган эди.
Туркияда кейинги ой парламент сайлови белгиланган, Би-би-си мухбири Марк Лоувен ёзишича, сайловлар олдидан яна портлаш уюштирилиши мумкин деган хавотирлар бор эди.
Портлашлардан бир неча соат ўтиб Туркия ҳукумат кучларига қарши урушиб келаётган Курд жангарилари гуруҳи PKK ноябр ойига мўлжалланган парламент сайловигача ўт очишни тўхтатишга қарор қилгани ҳақида хабар тарқатган.
Агар ўзлари ҳужумга тутилмасалар биринчи бўлиб ўт очмасликлари ҳақида эълон қилган PKK.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio




























