Муҳожирларга қўшимча 100 минг ўрин

Юнонистонга ўтган ҳафта ҳар куни 9 минг муҳожир кириб келган
Сурат тагсўзи, Юнонистонга ўтган ҳафта ҳар куни 9 минг муҳожир кириб келган
Published

Оврўпо етакчилари Брюсселда ўтган фавқулотда йиғилиш давомида қочқинларни қабул қилувчи марказларда қўшимча 100 минг ўрин яратишга келишиб олган. Расмийлар муҳожирларнинг шимолга интилишига барҳам бермоқчи.

Оврўпо Иттифоқининг 11 аъзоси ва иттифоққа аъзо бўлмаган яна 3 давлат раҳбарлари кўпайиб бораётган муҳожирлар оқимини қандай уддалаш борасида музокаралар олиб борган.

Юнонистонга ўтган ҳафтада ҳар куни 9 минг муҳожир кириб келган. Бу йил давомида энг юқори кўрсатгич бўлиб турибди.

Келишувга кўра Юнонистон йил охирига қадар 30 минг муҳожирга мўлжалланган қабул қилиш марказлари барпо қилиши керак.

БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги бу вақт давомида яна 20 минг кишини бошпана билан таъминлайди.

Кўплаб муҳожирлар учун Олмония ва Скандинавия давлатларига ўтиш йўли бўлиб қолган Болқон давлатларида 50 минг кишига мўлжалланган қўшимча марказлар очилади.

Бундан ташқари давлат раҳбарлари:

қочиб келаётганлар билан юзма юз қолаётган Словенияга кўмак учун 400 полиция ходими юборишга

қўшни давлатни огоҳлантирмасдан унинг чегараларига йўналаётган муҳожирларни қайтариш

бошқа давлат ва ваколатли органларга муҳожирларнинг сони борасида маълумот етказиб турувчи масъул шахсни тайинлашга келишиб олган.

"Бу Оврўпо дуч келган энг жиддий синовдир", - деган Олмония канцлери Ангела Меркел.

Муҳожирлар йўли устида жойлашган Болқондаги кичик давлатлар одамларнинг кўплигидан заҳиралари тугаб бораётганини айтишган.

Венгрия Сербия ва Хорватия билан чегараларини ёпганидан сўнг, шимолга муқобил йўлларни излаётган муҳожирлар бир жойга тўпланиб қолган.

Ҳукумат уларни жамлоқларга юборишга ёки кейинги чегарагача етказиб қўйишда кўмаклашган.

Музокаралардан олдин Хорватия Бош вазири Зоран Миланович муҳожирлар ҳаракатини тўхтатиш талабини инкор қилиб чиққан.

"Бу мумкин эмас, уни ёзган одам ниманинг қандай ишлашини тушунмайдиган ва ойлаб ухлаб энди турган одамга ўхшайди", - деган у.

"Одамларнинг мамлакатларни оралаб ўтиб кетиши тўхтатилиши керак ва бу нарса энди барҳам топади", - деган саммитдан сўнг Оврўпо Комиссияси президенти Жан Клауд Жункер.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio