АҚШ ИДга қарши қўшин ташлаши мумкин

Published

Америка ўзини Исломий давлат дея атовчи гуруҳга қарши курашиш услубларини ўзгартиришга ишора қилмоқда. Ироқ ва Сурия бўйлаб ёйилган ИД жангариларга қарши қуруқликда уруш олиб борилиши мумкин.

Америка Мудофаа вазири Эш Картер "қимматга эга нишонларга қарши ҳаводан кўпроқ ҳужум" бўлиши мумкинлигини айтган.

Кузатувчилар кўра, юқори мулозимнинг фикрлари жангари гуруҳларни мағлубиятга учратишда олдинга силжиш бўлмаётганини англатади.

Эътиборга молик томони, АҚШ Эрон ҳукуматини биринчи марта Сурия уруши юзасидан халқаро музокараларда иштирок этишга чақирган.

Америка-Ироқ аскарлари ИД қўлидан 10 дан ортиқ тутқунни озод қилганидан бир ҳафта ўтиб, Жаноб Картер АҚШ сенатидаги Қуролли кучлар қўмитаси олдида чиқиш қилган.

"Биз ҳамкорларимизнинг ИД қарши ҳужумларини дастаклашдан ёки ҳаво ҳужуми ё-да, қуруқликдан ҳаракат каби мустақил амалиётлар ўтказишдан воз кечмоқчи эмасмиз", - деган Эш Картер.

Бироқ у "қуруқликдаги ҳаракатлар" жумласига очиқлик киритмаган.

АҚШ Президенти Барак Обаманинг маъмурияти Сурияга қўшин юборишга қарши бўлиб келган, лекин Ироқда мамлакат армиясига ҳарбий таълим берувчи 3500 америкалик ҳарбий бор.

Жаноб Обама олдинроқ ИД га қарши Америка ҳарбийлари қуруқликда амалиётлар ўтказмаслигини таъкидлаганди.

Мудофаа вазири Картерга кўра, ИДнинг Суриядаги Раққа ва Ироқдаги Рамади минтақасида жойлашган муҳим позицияларига нисбатан авиа зарбалар кучайтирилади.

Ироқ ҳарбий кучлари Америка Ҳарбий ҳаво кучларининг ёрдами билан Рамадини қайтариб олишга уринмоқда.

Сўнгги вақтларда АҚШ бошчилигидаги коалиция учоқлари Сурия бўйлаб ҳаво ҳужумлари сонини камайтирган. Пентагон маъмурияти ушбу фаолсизлик Россиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётларига боғлиқ эмаслигини билдирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio