Туркия: Ҳукуматдаги АК партия аксар овозларни олди

Сурат манбаси, AFP
Туркияда якшанба куни бўлиб ўтган сайловларда ҳукуматдаги АК партия (Адолат ва Тараққиёт партияси) аксарият овозларни олар экан, мамлакат президенти бутун дунё бу натижаларни ҳурмат қилиши кераклигини айтди.
Партиянинг асосчиларидан бўлган Президент Ражаб Тойиб Эрдўған овоз берувчилар барқарорлик йўлини танлаганларини билдирди.
Деярли барча овозлар санаб бўлинар экан, ҳукуматга тегишли Анадўлу хабар агентлиги АК партия овозларнинг 49.4 фоизини олгани, энг катта мухолифат партияси - Республика Халқ Партияси эса 25.4 фоиз овозларга эришганини маълум қилди.
"Бирлашайлик, биродар бўлайлик ва биргаликда Туркия бўлайлик", - деди президент.
Айни дамда у матбуотда ўзига қаратилган танқидларни қоралади.
"Мана энди овозларнинг 50 фоизига эга бўлган партия қудратга келди... Буни бутун жаҳон ҳурмат қилиши керак, аммо бу каби етукликка мен гувоҳ бўлмаяпман", - деди у.
Жаноб Эрдўған АК партия ўтган июнь ойида парламентдаги аксар ўринларни йўқотиши ва коалицион ҳукумат тузиш ҳаракатлари барбод бўлиши ортидан, янги сайловларни белгилаганди.
Курдпараст Халқ Демократик партияси бу сафар ҳам парламентдан ўрин олиш учун зарур бўлган 10 фоизлик маррадан ўтишга муваффақ бўлди, аммо июнги сайловлардан бери дастак озайганига гувоҳ бўлди.
Миллатчи Миллий Ҳаракат Партиясининг овозлари ҳам 12.5 фоизга тушган. Шарҳловчиларга кўра, у ўз сайловчиларини АК партиясига бой берган.
Сайловлар, шунингдек, қуйидаги натижаларни акс эттирди:
- 54 миллион қайд этилган сайловчилардан 85 фоизидан ортиғи овоз берганлар
- Июнь ойидаги сайловларга солиштирилса, аёл депутатларнинг сони кескин камайган

Сурат манбаси, Reuters
Овозлар саналаётган вақти асосан курдлар яшовчи Диёрбакир шаҳрида тўқнашувлар бўлиб ўтган. Хабарларга кўра, полиция тош отаётган намойишчиларга қарата кўзни ёшлантирувчи газ қўллаган.
Президент ваколатлари
Бош Вазир Аҳмат Довутўғлу энди янги ҳукуматни тузишга киришади.
АК партия якка ўзи ҳукумат тузиши учун зарур бўлган 276 ўриндан анча кўпроқ ўринларни қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Лекин, у конституцияни ўзгартириш ва президент Эрдўған ваколатларини ошириш йўлида референдум чақириш учун зарур бўлган яна 14та ўринни эгаллай олмади.
Агар яна 60та ўринни олишга муваффақ бўлганида, АК партия ҳеч қандай референдумсиз ўша ўзгаришларни тадбиқ қилишга муваффақ бўлган бўлар эди.

АК партиянинг танқидчилари мазкур сайловлар жаноб Эрдўғаннинг тобора ошиб бораётган автократик сиёсатини жиловлашга имкон беришини айтгандилар.
АК партия ПКК курд исёнчилари билан ҳафталаб давом этган зўравонликлар ортидан сайловчиларни тинчлик ваъдаси билан ўзига оғдиришга муваффақ бўлди.
Энди икки томон яна тинчлик музокараларига қайтишларига умид бор.
Бир неча ойдирки қиймати тушиб бораётган лира сайлов ортидан бироз кўтарилди, аммо иқтисодий инқироз хавфи ҳали аримаган.
Президент Эрдўғаннинг ўз сиёсий рақибларини ўчириш ва сўз эркинлигини чегаралаш ҳаракатлари кучайишидан хавотирлар уйғонган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio




























