АҚШ: Трамп кетдию тўқнашув бошланди
АҚШ президентлигига Республикачи номзод Дональд Трамп мухолифлари ва тарафдорлари ўртасидаги тўқнашув Сан Диего шаҳрида келиб чиққан.
Хабарларга кўра, тўқнашув чоғида тош ва бутилкалар ҳам ишга солинган.
Полицияга кўра, бу икки мухолиф гуруҳнинг Анжуманлар маркази ташқарисидаги йиғини ноқонуний бўлган. 35 киши ҳибсга олинган.
Сан Диего Мексика билан чегарага яқин жойлашган ва Дональд Трамп бу ерга ўз сайловолди амалиётини ўтказиш учун борган.
Калифорниядаги АҚШ президентлигига партиялараро сайловлар шу йилнинг 7 июн кунига режаланган.
Республикачи номзод эса, Америкага ноқонуний муҳожирлар оқимининг олдини олмоқчи, президент этиб сайланган тақдирда, Мексика билан ўзаро чегарада тўсиқ қурмоқчи.
“Яшанг”

Сурат манбаси, Reuters
Ўзининг сайловолди учрашуви ортидан келиб чиққан тўқнашувни ортиқча муаммоларсиз бостиришгани учун Дональд Трамп полиция ходимларини худди ана шундай олқишлаган.
Йиғин ортидан ўзаро ҳезланишга тушиб кетган Трамп мухолифлари ва тарафдорларини ажратиш учун сатҳга ўнлаб махсус полиция ходимлари сафарбар этилишган.
Айрим намойишчилар бир-бирлари қолиб, полиция ходимларига ҳам бутилка ирғитишгача боришган.
Аввалига одамларга тарқалиш буйруғини берган полиция ходимлари уларни кейин шаҳарнинг Гасламп мавзеси қадар суриб боришга муваффақ бўлишган.
Сан Диего

Сурат манбаси, Reuters
Калифорния штатида жойлашган бу шаҳар аҳолисининг қарийб учдан бир қисми Лотин америкаликлар ҳисобига тўғри келади.
Ҳар куни юз минглаб мексикаликлар ноқонуний равишда чегарани кесиб, Америка томонига ўтишади.
Республикачи номзод мухолифларидан бири Марта МакФейлнинг “Шаҳар Ахборот Маркази”(CNS) га айтишича, “Дональд Трампнинг нафратомуз, тоқатсиз ва ирқчи тилига чидай олмаган. Такаббурлигини ҳазм қила олмаган”.
Аммо унинг тарафдорларидан бўлган Райли Ҳансен зиддиятли бу бизнесмен миллиардерни қўллаб-қувватлаган.
“Отам менга ҳамиша президент, дегани бизнесмен бўлиши керак, деб ўқтириб келган. Менга унинг сиёсати ёқади”, - деб айтган у CNS га.
Оқибат

Сурат манбаси, AFP
Сан Диего шаҳар Полиция бошқармасининг билдиришича, зўравон тўқнашувлар натижасида бирор бир киши ёки бинога зиён етмаган.
Дональд Трамп жаноблари эса, бунинг ортидан полиция бошқармасидагиларга “Твиттер” орқали ўз олқишларини ёғдирган.
“Жудаям тинч ва қизғин кечган митингларини бузмоқчи бўлган безориларни тийиб қўйиб, ажойиб иш қилганликлари”ни айтган.
Калифорниядаги ички сайловларда Дональд Трамп якка ўзи беллашади.
Ундан бошқа қолган барча Республикачи номзодлар пойгадан чиқиб кетишган.
Бошқа томондан, Дональд Трамп аллақачон АҚШ президентлик сайловларида ягона Республикачи номзод бўлишига имкон берадиган даражада вакилларнинг дастакларини қўлга киритиб бўлган. Фақат расмиятчилик ишлари қолган.
АҚШ президентлик сайловларининг ўзи шу йилнинг ноябр ойига режаланган.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBC UZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.