Марсель полицияси 11 россиялик ишқибозни озод қилди

Сурат манбаси, EPA
Франция полицияси аввалроқ қўлга олинган 11 нафар россиялик футбол ишқибозини қўйиб юборган. Бу ҳақида Марселдаги Россия бош консули Сергей Молчанов хабар берди.
"Полиция 11 россиялик ишқибозни қўйиб юборди. Улар консуллик биносидалар. Улардан бири Лиллдаги ўйинга боришга қарор қилди", - деб айтди консул ТАСС агентлигига.
"Ҳозирги вақтда Франция ҳукуматининг ҳибсда қолаётган бошқа ишқибозлар бўйича қарор қабул қилишини кутяпмиз", - дея аниқлик киритди Молчанов.
Бугун Лилль шаҳрида Россия терма жамоасининг Оврўпо чемпионатидаги иккинчи ўйини бўлиб ўтади. Россияликлар Словакия жамоаси билан майдонга тушадилар.
Кеча, 14 июнда Марселдан Лиллга йўл олган россиялик ишқибозлар тўла автобусни француз полицияси тўхтатган.
Франция ҳукумати бу автобусда бўлган бир қатор россиялик ишқибозларни мамлакатдан чиқариб юбориш ниятида эканини билдирди. Аммо, айнан қанча ишқибоз депортация қилиши аниқланмади.
Автобусда бўлган Умумроссия ишқибозлари уюшмаси раҳбари Александр Шпрыгиннинг билдиришича, полиция унга 29та депортация қарорини кўрсатган. Франция ҳукуматининг ўзи ҳам шунча россияликнинг ҳужжатларини текширилганини айтганди.
Россиялик ишқибозлар ҳозирда йўл олган Лилль шаҳрида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Франция ҳукумати 11 июнда Марселда Россия ва Англия ишқибозлари ўртасида келиб чиққан муштлашувлар қайтарилишидан хавотирда.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBC UZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - uzbekbbclondon
- bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.































