Собиқ Қирғиз депутати жангариларга ёрдам берганми?

Published

Қирғиз ҳуқуқ-тартибот органлари хабар қилишича, мухолифатдаги "Жоштор Окумоту" ёшлар ҳаракати етакчиси Максат Кунакунов террорчилик амалларида айбланганларга ёрдам беришда гумон этилиб ҳибсга олинган.

Максат Кунакунов Президент Алмазбек Атамбоевнинг ашаддий танқидчиси, у қудратдан кетказилган президент Бакиевнинг "Ақ Жол" партияси аъзоси сифатида Қирғизистон парламенти аъзоси бўлган.

У 16 июл куни Бишкек шаҳрида ўтказилган аксилтеррор амалиёти пайти ўлдирилган жангариларга маблағ ва қурол-яроғ билан билан ёрдам беришда айбланаётгани айтилмоқда.

Акаси Марат Кунакуновнинг айтишича, ушбу ҳибс сиёсий сабабларга асосланган.

Айни пайтда Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси 16 июлдаги махсус амалиёт пайти ўлдирилган ва ҳибсга олинганларнинг шасхи аниқланганини маълум қилган ва Қирғиз матбуоти бу шахсларнинг исм-шарифларини эълон этган.

Ўлдирилган тўрт шахсдан икки нафарининг Қирғизистон ва яна иккисининг Қозоғистон фуқароси экани хабар қилинган.

Қирғиз хавфсизлик қўмитасига кўра, икки жангари пойтахт Бишкек ташқарисидаги Аламудун қишлоғида, иккиси эса Бишкек шаҳрининг Темиров кўчасидаги хонадонда қуролли қаршилик пайти ўлдирилган.

Бишкекдаги хонадонда етти киши ҳибсга олинган.

Қирғиз Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитасига кўра, бу жангарилар ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган гуруҳ аъзолари бўлганлар.

Қуроллилар мамлакат ҳудудида икки террорчилик ҳужумини амалга оширишни режалаштирган, деб айтган хавфсизлик қўмитаси сўзчиси.

Қирғиз хавфсизлик кучлари ушбу зўравонликлар олдини олишга муваффақ бўлганлари ҳақида айтмоқдалар.

"Ҳа, уларнинг ҳаммаси "Исломий Давлат" аъзолари бўлганлар. Яна еттитаси кеча ўтказилган махсус амалиёт пайтида ҳибсга олинган", деб айтган Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Рахат Сулаймонов.

"Улар икки террорчилик ҳужумини режалаштирганлар - бири Бишкек марказий майдонида Рамазон ойи якунидаги ибодат пайти ва яна бири Россиянинг Кент ҳарбий базасига", деб айтган жаноб Сулаймонов.

Бишкек шаҳрида Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг махсус бўлинмаси биноси очилиш маросимида гапирган Президент Алмазбек Атамбоев Қирғизистондаги вазиятни беқарорлаштирмоқчи бўлаётган кучлар бор деб айтган.

"Қирғизистондаги вазиятни беқарорлаштириш, республикадаги тартибни бузмоқчи бўлаётган кучлар бор. Улар ўйлайдики, давлат аввалгидек кучсиз ва шунинг учун ҳам ўзларининг ноқонуний амалларини бемалол амалга ошира оладилар. Аммо бугун аҳвол ўзгарган. Бизда ҳозир тартиб ва хавфсизликни қўриқлаб турган структуралар ва органлар бор. Бунинг бир мисоли Бишкекда яқинда ўтказилган махсус амалиёт. ДМХҚ ходимлари террорчиларни қуролсизлантирдилар, бу билан фожеали оқибатлар олдини олдилар. Бу катта хизмат", деб айтган Президент Атамбоев.

Ушбу ҳодисалар Қирғизистондаги навбатдаги коррупция машмашаси авжига чиққан пайтда кузатилмоқда.

Бишкек шаҳрининг собиқ ҳокими яқинларидан пора олишда айбланиб парламент аъзоси Хаджимурат Коркмазов ҳибсга олинган.

Ҳибсга олинган депутатнинг Қирғизистон президенти маъмурияти раҳбари Данияр Наримбаевга алоқаси борлиги ҳақидаги хабарлар тарқалиши ортидан жаноб Наримбаев истеъфога чиққан.

У ўзининг бу қарорини терговга таъсир ўтказиш истагида гумон қилмасликлари учун олганини эълон қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio