Ратко Младич Босниядаги геноцид учун умрбод қамалди

Ратко Младич судяларга бақиргани учун суд залидан олиб чиқилди.
Сурат тагсўзи, Ратко Младич судяларга бақиргани учун суд залидан олиб чиқилди.
Published

Босниялик собиқ серб қўмондон Ратко Младич 1990 йилги Босния урушида амалга оширилган геноцид ва бошқа хунрезликлар учун бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилди.

"Босния қассоби" деб танилган Младич Сараево ишғоли ва Сребреницада босниялик мусулмонлар (боснияклар)ни қирган қўшинларга раҳбарлик қилган.

Гаагадаги БМТ трибунали уни 11та айбловдан 10тасида айбдор деб топди.

74 ёшли Младич ҳукм ўқилганда суд залида йўқ эди. У судяларга қарата бақиргани учун олиб чиқиб кетилганди.

Судялар Младичнинг юқори қон босими туфайли унга қарши суд ишини тўхтатиш бўйича адвокати томонидан берилган аризани рад қилишди.

Жиноятлар нимадан иборат

Младич 1990-йилларда Босния хорватлари ва боснияк армияларга қарши жанг қилган Босния серб қўшинларининг ҳарбий қўмондони бўлган.

Трибунал ҳукмига кўра, Младич 1995 йилда 7 минг боснияк эркак ва болаларнинг қатлини ўз ичига олган Сребреница геноцидига "катта ҳисса" қўшган.

Қурбонларнинг яқинлари Сребреница яқинидаги Потокарида суд жараёнини томоша қилишди.
Сурат тагсўзи, Қурбонларнинг яқинлари Сребреница яқинидаги Потокарида суд жараёнини томоша қилишди.

Бу геноцид Европада Иккинчи Жаҳон урушидан кейин юз берган энг катта хунрезликдир.

Ҳакамлар раиси Алфонс Орие Младич буйруғи билан амалга оширилган кўплаб жиноятларни ўқиб эшиттирди. Хусусан:

Босниялик аёллар ва қизларнинг оммавий зўрланиши

Боснияк маҳбусларни даҳшатли шароитлар - оч, хаста ва сувсизликда ушлаш ва дўппослаш

Сараево аҳолисини минамётлар ва мерганлар ёрдамида ўлдириш

Босниякларни мажбуран оммавий депортация қилиш

Босниякларнинг уйлари ва масжидларини бузиш

1995 йил уруш ниҳоясига етар экан, Младич Сербияда яширин яшади. Уни оиласи ва хавфсизлик кучларидаги баъзи доиралар ҳимоя қилиб келишди.

У 16 йил қочиб юриши ортидан ниҳоят 2011 йилда Сербия шимолидаги қишлоқда, амакиваччасининг уйида ҳибсга олинди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002