Сурия: Армия исёнчилар қўлидаги мавзеларни қайта эгалламоқда

Сўнгги янгиланиш 30 январ 2012 - 10:44 GMT

Пойтахт Дамашқ намойишлар бошланганидан бери бу каби йирик тўқнашувларга гувоҳ бўлмаганди.

Сурия армияси пойтахт Дамашнинг яқин кунларда исёнчи қўшинлар қўлида бўлган баъзи мавзелари устидан назоратни қайта қўлга киритишган.

Фаолларга кўра, кўп сонли ҳукумат қўшинлари ва танклар сафарбар қилинган, Сақба мавзеси ҳали ҳам бомбардимон қилинмоқда.

Исёнчи Озод Сурия Армияси яширинган, лекин ҳали ҳам ҳудудда қолаётганини билдирган.

Пойтахт атрофида ўтган дам олиш кунида юз берган жангларни фаоллар 10 ойдан бери давом этаётган жангларнинг энг қақшатқичи дея тасвирлашган. Камида 26 киши ўлгани айтилади.

Сурия бўйлаб эса, фаоллар якшанба кунининг ўзида 60га яқин киши ҳалок бўлганини айтишди. Айни кунда Араб Лигаси ўзининг бир ойлик кузатувчи миссиясини якунлаган.

Дам олиш кунларида армия қарши авж олган ҳужумлар оқибатида нобуд бўлган 50 аскарнинг ҳарбий дафн маросимлари ўтказилган.

Би-Би-Сининг Суриянинг ичидан хабар узатиш имкониятлари кескин чекланган ва хабарларнинг ҳеч бири мустақил тарзда тасдиқланмаган.

Итоатсизлик давом этмоқда

Хабарларга кўра, якшанба куни Сурия Президенти Башар ал-Ассадга содиқ қўшинлар Дамашқ шарқидаги Ғута ҳудудига бостириб киришган. Ғутада йирик кўламли аксил-ҳукумат намойишлар ўтказилганди.

Камол исмли фаол Озод Сурия Армияси тактик жиҳатдан ортга чекинганини билдирди.

"Режим қўшинлари маҳаллаларни қайта босиб олиб, уйма-уй юриб одамларни ҳибсга олмоқда", - деди у.

Қўшни Ливандан вазиятни кузатаётган Би-би-си мухбири Жим Мюирнинг айтишича, бу каби ҳарбий амаллар Суриянинг бошқа қисмларида итоатсизликни бўға олмаган. Охирги кунларда бу амалиётлар оқибатида Ҳомс, Ҳама, Идлиб, Дера ва бошқа шаҳарларда кўп сонли инсонлар нобуд бўлди.

Озод Сурия Армияси тактик жиҳатдан ортга чекинганини билдирган.

Охирги ҳарбий ҳужум шанба куни Озод Сурия Армияси назорати остида бўлган Кфар Батна, Сақба, Жисрин ва Арбин мавзеларида бошланган.

Фаолларнинг айтишича, Дамашқ марказидан атиги 5 километр узоқликдаги амалиётга 2000дан ошиқ аскарлар ва 50та танк жалб қилинган.

"Шаҳар ичида жанг кетмоқда, кўчаларда жасадлар сочилиб ётибди", - деди Кфар Батнадан гапирган бир фаол.

Бирлашган Миллатлар нима қила олади?

Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари кузатув гуруҳи раҳбари Рами Абдул Раҳман қўшинлар Дамашқ маҳаллаларида исёнчилар билан тўқнашаётганини айтди.

"Қўшинлар баъзи ҳудудларга кира олишди, лекин бошқа ҳудудларда қаттиқ мудофаага юз тутишмоқда", - деди у.

Унга кўра, Сурия масаласи Бирлашган Миллатлар Ташкилотига оширилаётгани туфайли ҳукумат норозиликни ҳарбий йўл билан бутунлай йўқ қилмоқчи.

Шанба куни Араб Лигаси Сурияда зўравонликлар давом этаётгани туфайли кузатувчилик миссиясини вақтинча тўхтатиб қўяётганини эълон қилган.

Мухбиримизга кўра, зўравонликнинг кескин авж олиши ва кузатув миссиясининг тўхтатиб қўйилиши келгуси ҳафта БМТ Хавфсизлик Кенгаши Сурия бўйича қаттиққўл резолюция қабул қилиши учун босимни оширади.

Ўтган ой БМТ Президент Башар ал-Ассадга қарши чиқишлар март ойида бошланганидан бери 5000 инсон ҳалок бўлганини айтганди.

Сурия расмийлари ҳукумат қўшинлари "террорист" гуруҳларга қарши курашаётгани ва тўқнашувларда 2000дан ошиқ ҳукумат аскари нобуд бўлганини айтадилар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.