"Биз сайловда ютқаздик". Вучич Сербиядаги сайловларда талабаларнинг протест ҳаракати ғалабасини тан олди

Сурат манбаси, REUTERS/Marko Djurica
Сербияда пайдо бўлган янги мухолиф куч - "Талабалар рўйхати" парламент сайловларида 50 фоиздан ортиқ овоз тўплаб, ҳукумат тузиш имконига эга бўлди.
Ҳокимиятдаги Серб тараққийпарвар партияси (СПП) раиси Александр Вучич парламент сайловлари натижалари расман эълон қилинишидан олдинёқ мағлубиятни тан олди.
Сербия Республика сайлов комиссияси маълумотларига кўра, янги мухолиф сиёсий куч ҳисобланган "Талабалар рўйхати" парламент сайловларида 50,84 фоиз овоз олган.
Собиқ президент Александр Вучич бошчилигидаги рўйхат учун эса сайловчиларнинг 40,41 фоизи овоз берган.
Сайлов бюллетенларида жами 18 та партия ва сайлов рўйхати қатнашган бўлса-да, уларнинг 15 таси 1 фоиздан ҳам кам овоз тўплаган.
Вучич "Талабалар рўйхати" ғалабаси ҳақидаги расмий маълумотлар эълон қилинишигача мағлубиятни тан олган. Унинг баҳолашича, "Талабалар рўйхати" парламентда 135-140 та депутатлик ўрнига эга бўлади.
"Сизларга маълум қилмоқчиманки, қатламли танланма асосида олинган маълумотларга кўра, вазият мутлақо аниқ: биз бу сайловда ютқаздик. Намойишчилар ҳаракати иштирокчилари тузган "Талабалар рўйхати" ғолиб бўлди. Улар 135-140 та мандат олади, биз эса тахминан 105 та мандатга эга бўламиз", деган Вучич ўз тарафдорлари олдида қилган чиқишида.
Унинг айтишича, СПП 1 миллион 720 минг овоз тўплаган, аммо бу ғалаба учун етарли бўлмаган.
Вучичнинг сўзларига кўра, парламентга СПП ва "Талабалар рўйхати"дан ташқари деярли ҳеч ким кира олмаган. Фақат Воеводина венгрлари уч мандат, албанлар бир мандат ва эҳтимол Демократик ҳаракат партияси (SDA) ўрин олиши мумкин.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Мағлубиятнинг бунчалик тез тан олинишига сайловлардаги рекорд даражада юқори қатнашув сабаб бўлган. Сайловчиларнинг қарийб 68 фоизи овоз берган бўлиб, бу Югославия парчаланганидан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Сиёсий тажрибаси бўлмаган кўплаб номзодлар ўрин олган "Талабалар рўйхати" ҳозирча бош вазир ёки ҳукумат аъзоларига кимларни номзод қилиб кўрсатишини маълум қилмаган.
Кардиолог Илия Срданович бошчилигидаги рўйхат учун Вучичнинг мағлубият ҳақидаги баёноти кутилмаган янгилик бўлган. У бу хабарни кўз ёшлари билан қарши олгани айтилади.

Сурат манбаси, REUTERS/Marko Djurica
Узун навбатлар ва таранг муҳит
Бу сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга фуқаролар сони 6,45 миллионни ташкил этган.
Тонгданоқ нафақат Сербиянинг ўзида, балки Любляна, Мюнхен, Лос-Анжелес ва Чикаго шаҳарларида ҳам овоз бериш учун узун навбатлар ҳосил бўлган. Париждаги серб сайловчилари кучли ёмғир остида навбат кутишган.
Расмий маълумотларга кўра, сайловларда қатнашиш даражаси куннинг биринчи ярмидаёқ аввалги кўплаб сайловларга нисбатан сезиларли юқори бўлган. Тушга қадар сайловчиларнинг қарийб 25 фоизи овоз беришга улгурган.
Якшанба куни тушдан кейин мустақил CRTA ташкилоти сайлов участкалари атрофида «кўплаб қоидабузарликлар» ва «зўравонлик билан боғлиқ ҳодисалар» кўпайганини маълум қилди.
Бироқ AFP агентлиги хабар беришича, полиция сайловларга боғлиқ жиддий зўравонлик ҳолатларидан бирортасини ҳам тасдиқламаган.
Икки йиллик норозиликлар
Сербия қарийб икки йилдан бери кескин сиёсий ва ижтимоий бўлиниш даврини бошдан кечирмоқда.
Бу жараён 2024 йил 1 ноябрда Нови-Сад темир йўл вокзалида юз берган ҳалокатдан кейин бошланган.
Вокзал томининг қулаши оқибатида 16 киши ҳалок бўлган ва бу воқеа мамлакат бўйлаб кенг кўламли намойишларга туртки берган.
Александр Вучич танқидчилари фожеада унинг ҳукуматидаги коррупция ва бепарволикни айблаган.
Мамлакатда оммавий норозилик намойишлари 2024 йил декабридан бери давом этмоқда.

Сурат манбаси, REUTERS/Uros Arsic

Сурат манбаси, EPA/Shutterstock
Намойишларни мувофиқлаштириб келаётган талабалар қўмиталари Вучич ҳокимиятининг қонунийлигини шубҳа остига қўйиб, унинг истеъфосини ва Серб тараққийпарвар партиясининг ҳокимиятдан кетишини талаб қилган.
Вучич тарафдорлари эса талабаларни хориж грантлари ҳисобига ташкил этилган "рангли инқилоб" тайёрлашда айблаб келади.
Вучичнинг таъкидлашича, агар мухолифат ғалаба қилса, янги ҳукумат дарҳол Россияга қарши санкциялар жорий этади.
Бироқ талабалар ҳаракатининг сайлов дастурида бу ҳақда ҳеч қандай баёнот бўлмаган.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
Ҳаракат етакчилари унинг таркибида ҳам либерал, ҳам миллатчи қарашларга эга одамлар борлигини таъкидлаб келади.
Сербиянинг Европа Иттифоқига қўшилишини қўллаб-қувватлайдиган, аммо Украина уруши туфайли Россияга қарши санкциялар жорий қилишдан бош тортиб келаётган Вучич давлат сектори ходимлари маоши ва пенсияларни ошириш, шунингдек давлат тиббиётига инвестицияларни кўпайтиришга ваъда берган.
Мухолифат эса бу ваъдаларни популизм деб атаб, Вучич даврида шаклланган коррупция даражаси ҳақиқий ислоҳотлар ўтказиш имконини қолдирмаётганини таъкидлайди.

































